Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг қамоққа олингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Олий суд хабарида Воитов иқтисодий жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётгани билдирилган.
Воитов 2020 йилнинг мартидан 2022 йил августигача у ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил августидан 2023 йил октябригача қишлоқ хўжалик вазири бўлган.
Сардор Умурзоқов президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилганидан сўнг Воитов ҳам ишдан олинганди.
43 яшар Азиз Воитов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ҳукуматнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олинган энг юқори мартабали мулозимидир.
Собиқ мулозимнинг қамоққа олингани ҳақидаги хабар Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ўзи томонидан таъсис этилган коррупцияга қарши ҳалқаро мукофотни топшириш маросимида иштирок этиш учун Тошкентга сафар қилиши арафасида эълон қилинди.