Лондон Юқори суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни ҳибсдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур қарор Ассанж АҚШ расмийлари билан Қўшма Штатларга экстрадиция бекор қилиниши эвазига айбловни тан олиш ҳақида дастлабки келишув тузишга рози бўлганидан кейин қабул қилинган. Бу ҳақда WikiLeaks’нинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинган.
Ассанж 1 901 кунини ўтказган Белмарш қамоғидан чиқиб, Станстед аэропортига йўл олган ва у ерда учоққа ўтириб, Буюк Британиядан Сайпан оролига (Тинч океани шарқидаги АҚШ ҳудуди - таҳр.) учиб кетган. У ерда 26 июнь куни суд бўлиб ўтади ва Ассанж, келишув шартларига кўра, 18 айбловдан бир банди (миллий мудофаага оид маълумотларга эга бўлиш ва фош қилиш мақсадида тил бириктириш) бўйича ўзини айбдор деб тан олади ва бунинг эвазига озодликка чиқади.
Тахминларга кўра, суд WikiLeaks асосчисини 62 ойга (беш йилу икки ой) озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқаради. Ассанж шу пайтгача Британия қамоқхонасида беш йил ўтирган ва NBC хабарига кўра, суд уни умумий қамоқ муддатига қўшади, шундан кейин у озод бўлиб, ватанига, яъни Австралияга учиб кетиши мумкин бўлади.
2022 йилнинг июнь ойида Британия ички ишлар вазири Прити Пател Ассанжнинг АҚШга экстрадициясини маъқуллаган, бироқ WikiLeaks асосчиси бу қарор устидан Лондон Юқори судига шикоят аризаси киритган. 2024 йил мартида Лондон Юқори суди Ассанж АҚШга зудлик билан экстрадиция қилинмаслиги ҳақида қарор чиқарган ва бу борада қўшимча ҳужжатларни сўраган.
АҚШда WikiLeaks асосчисига жами 17 та айблов эълон қилинган бўлиб, улар орасида Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга оид махфий маълумотларнинг очиқланиши ҳам бор. Бу сиздирмани уюштирган асосий киши ҳарбий Брэдли (Челси) Мэннинг бўлган, WikiLeaks эса ҳужжатларни ёйинлаган, холос.
Айблов хулосасига кўра, Ассанж “махфий маълумотга эга бўлиш учун бир неча бор ўз манбаларини, шу жумладан Мэннингни маълумотларни ўғирлаб, чоп этиш учун WikiLeaks’га узатишга ундаган”.
Айбловчилар иддаосига кўра, Ассанж ўз маълумотларида АҚШ билан ҳамкорлик қилган Афғонистон, Ироқ, Хитой ва Эрон фуқаролари дохил “информатор ва воситачилар исмини фош қилган”, бу эса улар учун “ўлим таҳдиди” сабабига айланган.
Бу айбловларга жавобан WikiLeaks вакиллари: “Бу ақлсизлик ва журналистиканинг тамом бўлиши”, дея баёнот беришган.
Аввалроқ Ассанжга қўйилган айбловлар бўйича WikiLeaks асосчиси 175 йилга қамалиши мумкинлиги айтилган эди.