Россия резиденти саналган Wildberries маркетплейси Ўзбекистон солиқ қонунчилигининг айрим талабларига риоя қилмагани аниқланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистонда WB Int Export МЧЖ шаклида фаолият юритиб келаётган Wildberries фаолияти солиқ тафтишидан ўтказилган. Аудит якунида ширкат 2022-2024 йиллар учун бюджетга қўшимча ҳисобланган 51,2 миллиард сўм (шундан, 42,8 миллиард сўми ҚҚС) солиқ тўлаган.
Солиқ қўмитаси “барча солиқ тўловчиларга ягона ва объектив ёндашувни қўллаб-қувватлаб, солиқ мажбуриятларини бажариш учун тенг шароитларни яратиш” тамойилига амал қилишини эслатган.
2004 йилда ташкил этилган Wildberries халқаро онлайн ритейлери электрон платформалар орқали кийим-кечак, электроника ва уй-рўзғор буюмлари сотиш билан шуғулланади. Йигирмага яқин мамлакатда ишлайдиган ширкат 2022 йилда Ўзбекистонга бозорига ҳам кириб келган.
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги ҳодисалар Ўзбекистон Солиқ қўмитаси онлайн савдо платформалари фаолиятини тартибга солишга “жиддий киришгани”дан далолат беради.
Озодлик аввал хабар берганидек, Ўзбекистонда жорий йил 20 мартдан бошлаб Хитойнинг Temu платформасидан фойдаланиш чекланмоқда.
Солиқ қўмитаси матбуот хизматига кўра, Temu платформаси Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани аниқланган.