WP: АҚШ Сурияга ИД таҳдидига оид разведка маълумотларини тақдим этди

АҚШ Суриянинг янги ҳокимияти вакиллари бўлмиш “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ - бу тузилманинг ўзи дунёдаги кўплаб мамлакатлар томонидан террор ташкилоти деб ҳисобланади - таҳр.) гуруҳи аъзоларига “Ислом давлати” террор гуруҳи томонидан бўлажак таҳдидлар тўғрисидаги махфий разведка маълумотларини топширди. Бу ҳақда The Washington Post нашри америкалик мулозимлардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди. Вашингтон ИДни ҳам, ҲТШни ҳам террор ташкилоти деб билади.

Нашр манбаларига кўра, ҲТШ вакиллари билан алоқалар ўтган йилнинг декабрь ойида Сурия президенти Башар Асад режими қулатилганидан икки ҳафта ўтиб бошланган. Ўша пайтда “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари Дамашқни эгаллаб олган, Асад эса Россияга қочган эди.

ҲТШга маълумотлар воситачиларсиз тақдим этилган, дейилган The Washington Post мақоласида. Иддаога кўра, бу маълумотлардан бири ҲТШга январь ойида Дамашқ яқинидаги шиа қадамжоларидан бирига ҳужумнинг олдини олишга ёрдам берган.

Разведка маълумотларини алмашиш “Ислом давлати”ни тийиб туриш бўйича муштарак манфаатлар билан боғлиқ бўлиб, бу АҚШ томонидан “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” тан олинганини англатмайди. Америкалик собиқ мулозимларга кўра, бу ҳолат, агар разведка манбаларини хатар остига қўймайдиган бўлса, хорижий давлатлар дохил тайёргарлик кўрилаётган таҳдидлар ҳақида огоҳлантириш бўйича АҚШ сиёсатига мувофиқ келади.

Марказий разведка бошқармаси бу борада изоҳ беришдан бош тортган, бироқ собиқ мулозимлардан бири маълумотлар тақдим этилиши ўринли бўлганини айтиб, алоҳида таҳдидлар туғилган тақдирда бу каби маълумот алмашувлар жумладан Россия ва Эрон билан ҳам амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаган.