WP: АҚШ халқаро санкцияларга риоя қилмаган Қирғизистон ширкатларига нисбатан шу ҳафтанинг ўзида чеклов киритиши мумкин

Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдамлашган Қирғизистон ширкатлари шу ҳафтанинг ўзида АҚШ санкциялари остида қолиши мумкин. Бу ҳақда The Washington Post нашри исми очиқланмаган америкалик юқори лавозимли бир неча мулозимдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр мақоласида яқинда Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасида Хитойда ишлаб чиқарилган ва Россияга олиб кетилаётган дронларнинг йирик партияси қўлга олингани айтилган. Мақола муаллифи “Ғарб мамлакатларидан ҳарбий товарларни сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлган Москва Россия билан тарихан ва молиявий жиҳатдан боғланган, айни пайтда Европа ва Хитой билан фаол савдо-сотиқ ишларини олиб бораётган Марказий Осиёдаги собиқ совет республикаларига тобора кўпроқ ёрдам сўраб, мурожаат қилмоқда”, дея урғулаган.

Нашр қайдича, Байден маъмурияти вакиллари уларни қўлга олинган дронлар партиясини йўллаган Қирғизистон ўйнаётган роль айниқса кўп безовта қилаётганини айтишмоқда. The Washington Post билан суҳбатда америкалик мулозимлар Қирғизистон ҳудудида “Россия бошқа манбалардан легал йўл билан ололмайдиган Ғарб ва Осиё товарлари етказиб бериш каналига айланмиш кўплаб корхона” мавжудлигини билдиришган.

Нашр Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин, айниқса сўнгги ойларда Қирғизистонда асосан Россия билан ишлайдиган импорт-экспорт ширкатлари сони сезиларли даражада ортганини қайд этган. Бу “олди-берди”лар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлган америкалик юқори лавозимли мулозимнинг айтишича, бу фирмалар дронлардан тортиб учоқ эҳтиёт қисмларигача, оптик нишон мосламаларидан тортиб бомбаларнинг такомиллаштирилган схемаларигача – Хитой ва Европада ишлаб чиқарилиб, Россияга сотилиши тақиқланган товарлар савдосидан даромад олишган. Бу товарларнинг катта қисми Россияга учоқ ёки қуруқлик орқали Россияга етказилмоқда.

Нашрнинг икки суҳбатдошига кўра, америкалик ва европалик қатор дипломатларнинг бир неча ойдан бери Бишкекка қилган муваффақиятсиз сафарларидан кейин Байден маъмурияти Россия билан савдо-сотиқни тўхтатиши учун Қирғизистонга “босим ўтказишнинг янги иқтисодий чоралари”ни ҳозирлашга киришган.

“Ўтмишда санкция тартибини бузганликда айбланган ширкатларни “қора рўйхат”га қўшишда акс этган бу чоралар шу ҳафтанинг ўзидаёқ жорий этилиши мумкин”, дея иқтибос келтирган нашр америкалик мулозимлар сўзларидан.

Мақолада “оммага очиқ бўлган савдо-сотиқ ҳужжатлари Қирғизистондаги яширин бозор кўлами тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради”, дея қайд этилган. Масалан, 2022 йилда Қирғизистондан Россияга экспорт ҳажми урушдан аввалги 2021 йилга нисбатан 250 фоизга ошган.

“Оптик нишон мосламалари каби айрим товарлар бўйича эса аввал Россияга экспорт қилиш бўйича бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган”, деб ёзган The Washington Post.

Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонаси нашрнинг вазият юзасидан изоҳ беришни сўраб ёзган хатига Қирғизистон раҳбарияти халқаро меъёрларга риоя қилиш ҳамда контрабанда ва ноқонуний савдонинг бошқа турларининг олдини олиш ниятида эканини билдирган. Элчихона баёнотида Москва билан савдо-сотиқ ҳажмининг кескин ортиши чегара орқали товарлар ҳаракатини электрон кузатиш тизими такомиллашгани билан ҳам изоҳланиши мумкинлиги айтилган. Баёнотда “танқидчилар реал иқтисодий контекстни ҳисобга олишмаяпти, ахир Қирғизистон ва Россия ЕОИИ (Евросиё иқтисодий иттифоқи – таҳр.) аъзоси бўлиб ҳисобланишади, қирғизистонлик миллиондан зиёд фуқаро эса Россияда меҳнат қилади”, дейилган.

Аввалроқ Озодлик Қирғизистон ва Қозоғистон ширкатлари Россияга Ғарб технологияларини етказиб бераётганига оид суриштирувини эълон қилган эди.