WSJ: Уханлик вирусологлар COVID-19 пандемияси олдидан оғир касалланган

Ухандаги Вирусология институти

Хитойнинг Ухань шаҳридаги Вирусология институтининг камида уч ходими 2019 йил ноябрида - COVID-19 пандемияси бошланишидан тахминан бир ой аввал қаттиқ бетоб бўлган. Бу ҳақда АҚШ махфий хизматларидан олинган маълумотга таянган ҳолда The Wall Street Journal нашри хабар қилди.

Газетанинг ёзишича, уларнинг барчаси вирус билан ишлаган ва бир вақтда шифохонага ётқизилиб, даволанган. Беморларда мавсумий грипп белгиларига ўхшаш COVID-19 асоратлари аниқланган.

Журналистлар АҚШ разведкаси маълумотлари вируснинг келиб чиқишини кенг кўламда тадқиқ этиш ҳамда унинг лабораторияда яратилгани тўғрисидаги тахминларни чуқурроқ ўрганишга туртки бўлиши мумкинлигини урғулашмоқда.

Оқ уй бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган, аммо COVID-19 нинг келиб чиқишига доир барча версиялар ўрганилиши лозимлигини таъкидлаган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида The Wall Street Journal газетасининг уханлик олимлар касаллангани тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.

Коронавирус пандемияси 2019 йил декабрида Ухань шаҳрида бошланган эди. 2021 йил мартида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари вируснинг келиб чиқишини ўрганиш мақсадида бу шаҳарга келган. Олимлар вирус манбасини топишга муваффақ бўлишмаган, аммо унинг кўршапалакдан оралиқ жонзот орқали одамга юққани ҳақидаги тахмин кўпроқ эҳтимолга яқинлигини айтишган.