Россиянинг Хабаровск ўлкаси суд приставлари жорий йил бошидан буён 512 нафар мигрантни мажбурий равишда мамлакатдан бадарға қилишган. Улар Россия қонунчилигида кўзда тутилган тартибни бузиб, мамлакат ҳудудида ноқонуний юргани айтилмоқда.
“Маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилган шахсларнинг барчасига депортациядан кейин Россия Федерациясига киришга беш йиллик тақиқ қўйилди”, деб ёзмоқда Россия нашрлари.
Хорижлик меҳнат муҳожирларига қарши рейдлар Россиянинг бошқа шаҳар ва минтақаларида ҳам давом этмоқда.
Омск вилояти ҳуқуқ-тартибот идрралари 2 июль куни “Нелегал-2024” амалиётининг биринчи босқичи натижаларини очиқлашган: амалиёт давомида россиялик тартиб посбонлари миграция қонуни соҳасида 300 га яқин ҳуқуқбузарликни аниқлашган.
“Судлар хорижликларни Россия Федерацияси ҳудудидан бадарға қилиш бўйича 18 та қарор чиқаришди. Хорижлик уч фуқаро депортация қилинди, 36 кишининг эса мамлакатга киришига тақиқ қўйилди”, деб ёзган маҳаллий нашрлар.
Россияда ноқонуний миграцияга қарши кураш Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да март ойида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонлик гумонлашмоқда.
Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётган ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.