Расман: Ўзбекистонга 7 йилда халқаро молия институтлари 16 миллиард доллар берди

Сўнгги етти йилда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 16 миллиард долларлик 103 та лойиҳа ишга туширилди. Бу ҳақда 20 ноябрда ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, бунинг натижасида “5 миллионга яқин аҳолининг кундалик ҳаёти яхшиланишига таъсир қилган 9 мингта ижтимоий ва инфратузилма иншоотлари қурилди ва таъмирланди. 38 та янги йирик саноат қуввати ишга туширилиб, 6,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилди”.

Президентга кўра, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигига 2,4 миллиард доллар жалб қилиниб, шундан 1,3 миллиард доллари ўзлаштирилган.

“Соғлиқни сақлаш вазирлигида 877 миллион долларлик 11 та лойиҳа мавжуд. Уларнинг аксарияти амалга оширилмоқда. Лекин нефрология ва урология муассасаларини жиҳозлаш, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази қуриш, миллий референс лабораторияси ташкил қилиш лойиҳалари бўйича инвестиция ўзлаштириш бошланмаган”, дейилади хабарда.

“Ўзсувтаъминот” тармоғида қиймати 2,1 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 8 та лойиҳанинг ўз вақтида ишга тушмаслиги эҳтимоли бор.