Ўзбекистонда 1,5 минг бола зўравонликка учраш таҳдиди остида қолмоқда

Ўзбекистонда 12 октябрдан 27 октябргача «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди.

Мазкур қонунга илова қилинган ҳужжатда қайд этилишича, таҳлиллар мавжуд механизмлар болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликларнинг олдини олишга ожизлик қилмоқда.

Ҳужжатда бугунги кунда болалар уйлари ва тутинган оилаларда тарбияланаётган 1,5 мингдан ортиқ бола “зўравонлик содир этиш хавфи юқори ҳисобланган тоифа”да қолмоқда.

Расман билдирилишича, болаларга жинсий тажовуз қилингани бўйича 2021 йилда 334 та, 2022 йилда эса 395 та жиноят иши тергов қилинган. Сўнгги 3 йилда судлар томонидан 2072 киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

2021 йилда вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жами жиноят ишлари 1831 тани, 2022 йилда 2194 тани ташкил қилган.

Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Шахноза Мирзиёева 2023 йилнинг тўққиз ойида вояга етмаганларга нисбатан 417 жинсий зўравонлик қилингани қайд этилгани ҳақида билдирган эди.