Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни янги ўқув йили бошида баъзи мактабларда дарслик етишмовчилиги кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Вазирлик матбуот хизматига кўра, бу каби муаммо “айрим ўқувчиларнинг мактабдан-мактабга ўтиши, жумладан таълим тилини ўзгартириши натижасида” юзага келиши мумкин.
“Жойлардаги бундай муаммоларни ўша мактаб раҳбарияти ҳамда ҳудудий халқ таълими бўлими ва бошқармалари ҳудуддаги китоб ортиқча бўлган бошқа мактаблардан китоб етишмаётган мактабларга ўтказиш орқали зудлик билан ҳал этиш чораларини кўриши белгиланган”, дейилган ХТВ хабарномасида.
Мурожаати ижобий ҳал этилмаган ўқувчиларга вазирлик махсус Телеграм-бот орқали маълумот юборишни тавсия қилиб, ҳар бир мурожаатни ўз назорати олишни ваъда қилган.