Россияга қарши санкциялар марказий осиёлик меҳнат мигрантларига аллақачон таъсир қилди, дейилган Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) 16 июнь куни ёйинланган хабарномасида.
Ташкилотга кўра, Россияда мазкур минтақадан бўлган тўрт миллиондан зиёд мигрант ишлайди: Тожикистон ва Қирғизистондан – бир миллиондан, Ўзбекистондан – қарийб икки миллион ва Қозоғистондан – 200 минг киши. Уларнинг пул ўтказмалари Марказий Осиё мамлакатлари ЯИМнинг тахминан 30 фоизни ташкил қилади.
ХМТ Россияга қарши жорий этилган санкциялар мамлакат иқтисодиёти ва меҳнат бозорига жуда оғир зарба бериши мумкинлигини урғулаган. Бу ерда гап икки миллион ишчи ўрни йўқолиши ва ишсизлик 4,4 фоиздан 7,8 фоизгача ўсиши ҳақида бормоқда. Россиядаги иқтисодий танглик у ерда ишловчи мигрантлар даромадларига ва, ўз навбатида, улар мансуб мамлакатлар иқтисодиётига таъсир этиши муқаррар.
“Россиядан пул ўтказмаларининг кескин камайиши бу пул ўтказмаларига суяниб қолган мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир этиши шубҳасиз. Аксар мигрантлар ҳозирча РФда қолиш истагини билдиришган, аммо, вазият ёмонлашаверса, тобора кўпроқ одам уйига қайтиб кетади”, дея таъкидлаган ХМТнинг Венадаги минтақавий бўлими директори Ренате Ҳелд.
Мигрантлар аллақачон уйларига қайта бошлашган. Ташкилот маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида 60 минг тожикистонлик ва 133 минг ўзбекистонлик мигрант Россиядан ўз ватанига қайтиб кетган.
“Жаҳон банки прогнозига мувофиқ, бу йил Россиядан пул ўтказмалари ҳажми кескин камаяди: Қозоғистонга – 17 фоизга, Ўзбекистонга – 21 фоизга, Тожикистонга – 22 ва Қирғизистонга – 33 фоизга. Бу рақамлар ортида кўплаб оилаларнинг қашшоқлашуви хавфи яширинган”, дея қайд этган ХМТ.
Ташкилот мигрантлар жўнатадиган пуллар уларнинг мамлакати учун нақадар муҳимлигига эътибор қаратган. Хусусан, Қирғизистонда 2019 йили пул ўтказмалари туфайли камбағаллик даражаси 31,2 фоиздан 20,1 фоизга камайган эди.
Жаҳон банки эндиликда Қирғизистонда камбағаллик даражаси 38 фоизга кўтарилишини башорат қилмоқда. Аммо халқаро молия ташкилоти бу прогноз ўзгариши мумкинлигини истисно этмаган. Жорий йил мартида Қирғизистонга пул ўтказмалари ўтган йилнинг шу ойига қиёсан 28 фоизга қисқарган эди.
Айни пайтда апрель ойида ўзбекистонлик мигрантлар ўз ватанларига рекорд даражадаги сумма – 1,07 миллиард доллар маблағ юборганлар ва бу бир йил олдинги кўрсаткичдан салкам икки баравар кўпдир. Шунга қарамай, Ўзбекистон Марказий банки ўтказмалар ҳажми 18-25 фоизга камайишини башорат қилмоқда.