Ўзбекистон бокс федерацияси Умар Кремлёв раҳбарлигидаги Халқаро бокс ассоциациясини (IBA) тарк этиб, World Boxing халқаро бокс ташкилоти аъзолигига қабул қилинди.
Ташкилот матбуот хизмати маълумотига кўра, 3 ноябрь куни АҚШнинг Колорадо штатида Жаҳон бокс федерациясининг йил якунларига бағишланган конгрессида Ўзбекистон, Қозоғистон, Гватемала ва Лаос тузилмага аъзо бўлгани эълон қилинган. Шу тариқа ташкилотга аъзо миллий федерациялар сони 55 тага етган.
Ўзбекистон бокс федерацияси бу маълумотни ҳали расман тасдиқлагани йўқ.
Маълумот ўрнида, Париж-2024 Олимпиадасидан олдин Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) IBA’га аъзо бўлган миллий федерациялар спортчиларига 2028 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этишни тақиқлаганди.
ХОҚ қарори Ўзбекистон бокс федерациясини қийин танлов қаршисида қолдиргани ва пировардида Тошкент World Boxing аъзолигини танлагани айтилмоқда.
ХОҚ ва IBA ўртасидаги зиддият бир неча йилдан буён давом этяпти. Аввалроқ ХОҚ халқаро спорт федерацияларига Россия ва Беларусь спортчиларини халқаро мусобақалардан четлатишни тавсия қилган эди. IBA бу тавсияга амал қилмаган ҳолда Тошкентда 2023 йил май ойида ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида бу икки давлат спортчиларини ўз миллий байроқлари остида қатнашишига рухсат берган. Бунинг ортидан Тошкентдаги мусобақалар 19 та давлат томонидан бойкот қилинган.
2021 йилнинг декабригача AIBA номи билан фаолият юритган Халқаро бокс ассоциациясига 2020 йилдан бери россиялик Умар Кремлёв раҳбарлик қилиб келмоқда. У бу лавозимда ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов ўрнини эгаллаган. Ташкилотни қўлига олган россиялик бизнесмен “Газпром” ёрдамида 20 миллион долларга яқин қарзлардан қутулиш ва икки баробар кўп маблағ жалб қилишга ваъда берган эди.
ХОҚ IBA’ни тан олишдан бош тортгани ортидан унинг ўрнини World Boxing эгаллаши кутилмоқда. Мазкур ташкилот IBA расмий мусобақаларига бойкот эълон қилган давлатлар томонидан 2023 йилнинг баҳорида тузилган.