Халқаро жиноят суди Россиянинг икки қўмондонини ҳибсга олиш учун ордер берди

Украинада Россия зарба берган фуқаролик объектларидан бири.

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россиянинг икки қўмондони – узоққа учувчи авиация кучлари генерал-лейтенанти Сергей Кобилаш ва Қора денгиз флоти қўмондони адмирал Виктор Соколовни ҳибсга олиш учун ордер берди. Улар ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Ордерда қайд этилишича, бу икки қўмондон тинч аҳоли яшайдиган объектларга 2022 йилнинг 10 октябридан 2023 йилнинг 9 мартигача ракеталардан ва ҳаводан берилган зарбалар учун масъулдир. Мазкур зарбалар ортидан ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалоқ бўлган.

“Улар бу жиноятлар учун индивидуал тарзда жиноий жавобгарликка тортилиши учун етарли асослар мавжуд”, дейилади Халқаро суд қарорида.

Халқаро жиноят суди 2023 йилда президент Владимир Путин ва Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани Украина ҳудудидан болаларни ноқонуний равишда депортация қилганликда гумонлаб, қамоққа олиш тўғрисида ордер берган эди.

Москва Халқаро жиноят суди фаолиятида иштирок этмайди ва бу суд юрисдикциясини тан олмайди.

Путин ва Беловани қамоққа олиш учун ордер берган судьялар Россия ҳудудида ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортишда айбланиб, қидирувга берилган.

Февралнинг ўрталарида ҳарбий блогерлар “Цезар Куников” кемаси Украина томонидан чўктирилганидан сўнг Соколов қўмондонлик лавозимидан бўшатилгани тўғрисида хабар берган. Бироқ бу хабарлар расман тасдиқланган эмас.