Халқаро ташкилотлар Бишкекни “Кампиробод иши” бўйича суд жараёни очиқ ўтишини таъминлашга чақиришди

"Кампиробод иши" бўйича гумонланаётган қирғизистонлик сиёсатчи ва фаоллар (архив сурати)

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларини эслатган ҳолда, расмий Бишкекка “Кампиробод иши” бўйича чақириқ билан чиқишди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик (IPHR), Freedom for Eurasia, Норвегия Хельсинки қўмитаси ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар имзолаган мурожаатномада “очиқ ва шаффоф суд жараёнлари қонун устуворлиги ва адолатли судловнинг тамал тоши бўлиб ҳисобланиши” қайд этилган.

“Иш бўйича судгача бўлган илтимосномаларни кўриб чиқаётган Биринчи май тумани суди ҳозирча суд жараёнини очиқ ўтказишни рад этиб келмоқда, бу эса тингловлар ёпиқ эшиклар ортида ва эл кўзидан нарида бўлиб ўтишини англатади... Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт иштирокчиси бўлган Қирғизистон судларнинг очиқ ўтказилиши ҳуқуқини ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган”, дея эслатишган матн муаллифлари бу ишда халқаро ҳуқуққа биноан маҳкаманинг ёпиқ тарзда олиб борилишини тақозо қилувчи вазият йўқлигини қайд этишган.

Мурожаатномада “Кампиробод иши” бўйича тергов аввал-бошдан “асоссиз тинтувлар ва бошқа процессуал ҳуқуқбузарликлар билан” олиб борилгани айтилган. Шунингдек, унда 22 июнь куни иш бўйича айблов хулосаси чиқарилгани, 265 саҳифадан иборат бўлган хулоса мазмуни махфийлаштирилгани ҳам қўшимча қилинган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, халқаро ташкилотлар Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва унинг маъмуриятини ҳамда Ички ишлар вазирлигини мазкур суд жараёни “очиқ ҳамда Қирғизистон қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ равишда” ўтказилиши учун “ўз салоҳияти доирасида суднинг очиқ ва адолатли ўтиши бўйича чора кўриш”га чақиришган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрида Қирғизистонда оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб, 20 дан зиёд сиёсатчи ва фаол қўлга олинган эди. Қўлга олинганларнинг ўзлари жиноят ишини Кампиробод (Андижон) сув омбори остидаги ерларни Ўзбекистонга бериб юборилиши юзасидан тутган позициялари ва уни ҳимоя қилиш бўйича қўмита тузганлари учун сиёсий таъқиб унсури, деб ҳисоблайдилар.

Кейинроқ қўлга олинганларнинг айримларига “ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш”га ҳозирлик кўрганлик айблови ҳам қўйилаётгани маълум бўлган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги терговчилар айбланувчиларга нисбатан етарли далил тўплаганларини иддао қилмоқда.

22-23 июнь кунлари Бишкекнинг Биринчи май тумани судида дастлабки суд тингловлари бўлиб ўтган. Маҳкамага матбуот вакиллари қўйилган эмас. Гумонланувчиларнинг адвокатлари суддан жиноят ишидан махфийлик муҳрини олиб ташлаш ва суд жараёнини очиқ ўтказишни сўраганларини билдиришган.