Тошкент шаҳар Чилонзор туманида фаолият юритаëтган ўнлаб хусусий тадбиркордан “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида кўчаларга ўрнатилиши лозим видеокузатув ускуналари (видеокамералар ) ҳақини тўлаш сўралмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб амалга оширилиши кутилаëтган “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси бошқарувчиси эса¸ лойиҳа бюджетида маблағнинг қаердан олиниши аниқ кўрсатилгани ва ҳали бошланмаган бу лойиҳа учун тадбиркордан пул ундириш қонунга зид эканини билдирди.
Солиқ ва прокуратура ходимлари бу маълумотни матбуотга билдиргани учун ўз бизнесини йўқ қилиб юборишидан чўчиган тадбиркор¸ видеокамералар ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўйича Тошкентдаги етакчи ширкатлардан бири - 9 NINE ходимлари дўконма-дўконма дўкон юриб¸ “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш учун 600-800 минг сўмдан пул беришни талаб қилаëтгани¸ бермаганларга эса¸ “солиқ инспекциясидан жуда мулойим¸ аммо кесиб оладиган тарзда илмоқли” эслатма бўлаëтганини билдирди.
Озодлик боғланган 9 NINE раҳбари бу иддаони инкор қилишга уринди ва ўз ходимлари хусусий тадбиркорлардан видеокамера учун пул талаб қилмаëтгани¸ балки “бундай камераларни сотиб олишни тавсия қилаëтганини” билдирди.
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси мулозими¸ бундай жараëннинг¸ Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари буйруғи билан Чилонзор туманида бошлангани ва ҳар 25 метр метрга хавфсизлик камераси ўрнатиш вазифаси¸ асосан¸ 1-қаватда жойлашган дўконларга юклатилганини тасдиқлади.
Тадбиркор шикояти
“Тошкент шаҳрида (аниғи, Чилонзор тумани ва билишим бўйича, бошқа туманларда ҳам) тадбиркорлардан мажбурий тарзда «кўча хавфсизлигига» деган иддао билан камералар ўрнатиш учун пул йиғиб олиш тадбири кетаётганини маълум қилмоқчиман. Аввал камераларни ўрнатувчи корхона вакиллари кириб гаплашмоқда, норози бўлганларга солиқ инспекцияси вакиллари кириб, таҳдидга яқин муомалада бўлиб, бермаслик мумкинмаслигини, акс ҳолда прокуратура вакиллари келиши мумкинлиги ҳақида айтиб, салкам 100$ пул миқдори юкланмокда. Асос келтиришни сўрасак, Вазирлар Маҳкамасининг «Хавфсиз шаҳар» проектини рўкач қилишмоқда. Бироқ бу фармонда камералар бюджет ҳисобидан қўйилади¸ деб айтиб ўтилган. Шундоқ ҳам бир йилдан бери умумсавдонинг кескин тушиб кетиши ортидан зиёнда бўлиб турган КЎПГИНА дўконларга бу оғирлик қилаяпти”¸ дейилади Чилонзор туманидаги айрим тадбиркорлар номидан Озодликка юборилган хабарда.
Бу хабар ортидан Озодлик¸ Чилонзор туманидаги катта кўчалардан бирида жойлашган айрим дўкон эгалари билан боғланди.
Улар ўтган ҳафтадан бошлаб видеокамера ўрнатувчи ширкат ходимлари дўконма-дўкон юриб¸ пул сўраëтганига оид тафсилотларни айтиб берди.
“Ўтган ҳафта ўзини "9 NINE деган ширкат ходимиман" деган йигит келиб¸ "ҳар 25 метрга кўчага қаратилган видеокамера ўрнатамиз¸ 25 метрда жойлашган дўконларга бўлсак¸ ҳар бир дўконга 600-800 мингдан тўғри келаяпти¸ шуни тўланг" деди. Қайси асосда биз тўлашимиз керак¸ десак¸ тепасига фармойиш¸ деб ëзилган битта қоғозни бирровга кўрсатди ва дарров қайтариб олди. Унда Вазирлар Маҳкамаси¸ прокуратура¸ солиқ деган сўзларга кўзим тушди. Чилонзор туманида 652 та жойга қўйилиши керак видеокамера ҳалигача ўрнатилмаган¸ шулар тезда қўйилсин¸ деган мазмунда экан. Унда на имзо¸ на муҳр бор. Махсус¸ видеокамералар пули тадбиркордан ундирилсин¸ деган жойни қидирдим¸ лекин тополмадим. Айтилган пулни тўланг¸ бўлмаса¸ ўзингиз биласиз¸ деган қабилда юмшоқ гапириб¸ чиқиб кетишди. Икки кунча олдин солиқ инспекциясидан телефон қилиб¸ камера учун пулни тўлаб қўйишни эслатишди. Қўполлик¸ олдингидақа пўписа бўлмади¸ лекин гапнинг маъносидан¸ “тўлайсан¸ тўламасликнинг иложи” йўқ¸ деган мазмун келиб чиқади”¸ деди Озодлик гаплашган тошкентлик тадбиркорлардан бири.
Тошкентлик тадбиркорлар¸ пулнинг нақдда талаб қилинаëтгани ва бунча пул тўлангани бирор шаклда расман акс этмаëтганини қўшимча қилди
9 NINE раҳбари инкори
Бу маълумотни ўрганиш жараëнида Озодлик хавфсизлик ускуналари ишлаб чиқариш ва ўрнатиш билан шуғулланувчи 9 NINE ширкатининг бир неча ходими ва раҳбари билан гаплашди.
Хусусий ширкат вакилларининг қайси қонуний асосда бошқа бир хусусий тадбиркор-дўкондор олдига бориб¸ кўчага қўйиладиган видеокамера учун 800 минг сўмдан пул сўраëтганига оид саволга¸ ширкат ходимларидан бири “Ўзбектелеком” билан шартнома борлигини¸ иккинчиси эса¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўтказган тендерда ютиб чиққанини тилга олиш билан жавоб беришга уринди.
Ширкат раҳбари эса¸ бу маълумотни “провокация ва бўҳтон” сифатида рад этишга уринди.
“Биза камера қўямиз¸ хавфсизликни таъминлаймиз кўчаларда¸ ишимиз шу. Эвазига пул оламиз. Торговий агентларим юради маҳсулотни предлагать қилиб¸ харидор ўз хоҳиши билан биз билан ишлайди¸ хоҳламаса¸ бошқаси билан ишлайди. Бизани қўлимиздан келмайди мажбурлаш. Агентларим бунақа демаган”¸ - деди Озодликка дўқ-пўписа оҳангида гапирган 9 NINE раҳбари.
“Агентларингиз дўконма-дўкон юриб¸ тадбиркордан видеокамера учун 600-800 минг сўмдан беринглар деб юрганини инкор қиласизми-йўқми?”¸ деган саволга:
-Талаб қилаëтганимизни инкор қиламан¸ тавсия қилаëтганимизни инкор қилмайман¸ - деган ширкат раҳбари бу “тавсия”нинг “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасига алоқаси йўқлигини иддао қилди.
Солиқ инпекцияси 9 NINE инкорини инкор қилди
23 ноябрь куни Озодлик мухбири Чилонзор туманидаги хусусий тадбиркорларни видеокамера учун пул бериш шартлигидан огоҳлантиргани айтилган Давлат солиқ қўмитасининг Тошкент шаҳри масъулларидан бири билан гаплашди.
Бу маълумотни тасдиқлагани фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун шахси очиқланмаëтган мулозим¸ чилонзорлик тадбиркорлар юборган маълумотни тўлиғича тасдиқлади.
“Икки ҳафтача бўп қолди – Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари шу масалада махсус мажлис ўтказди. Унда тўртала сектор вакиллари қатнашди. Хавфсизлик камералари ўрнатиш жиноятчиликни камайтиришини¸ шунинг учун ҳамма жойга ўрнатилишини тезда таъминлашни айтди. Прокурор мажлисга 9 NINE ширкати бошлиғини олиб келди ва ҳаммага шу бола кечикаëтган видеокамераларни тез ва арзон ўрнатиб беради¸ деди. У бола чиқиб (исми Анвар шекилли)¸ битта камера 300 минг сўм туради¸ меники Тошкентда энг арзон¸ дегандақа гап қилди. Прокурор ҳамма ўз секторида тезда видеокамера ўрнатилишини таъминласин”¸ деб буйруқ берди. Секторимизда шу ишни қилаяпмиз ҳозир”¸ - деди солиқ инспекцияси мутасаддиси.
Видеокамералар пулини ким тўлайди?
Бу саволга солиқ мулозими¸ очиқ-ойдин қилиб¸ “давлат эмас¸ балки аҳоли ва тадбиркорнинг ўзи”¸ дея жавоб қилди.
“Бутун мамлакат бўйича ўрнатилади камералар¸ давлатнинг бунга пули борми? Видеокамера бўлса¸ одамларнинг¸ тадбиркорнинг ўзига яхшику! Шунга прокурор¸ домларнинг ҳамма томонига ўрнатиладиган камералар пулини домда яшовчилардан¸ йўл бўйидаги дўконлар олдига қўйиладиганларни¸ дўкончилардан ундиришни буюрди. Уларга ҳеч ким пўписа қилмаяпти. Яхшилик билан тушунтираяпмиз”¸ - деди солиқ мулозими.
Айни пайтда бу расмий¸ “хусусий тадбиркорда бу талабга йўқ деб жавоб бериш имкони йўқлигини” эътироф этди.
Озодлик билан суҳбатда мулозим¸ прокурор талаб қилаëтган видеокамералар ўрнатиш жараëнининг “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасига алоқаси борми¸ деган саволга тасдиқ жавобини берди:
“Бу камералар жойлардаги милиция таянч пунктларига уланади¸ уларни ИИБ ходимлари дистанционний кузатиб туради. Бу “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида тузиладиган марказлашган хавфсизлик тизимига уланадиган видеокузатиш ускуналари бўлади”.
“Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси мутасаддиси изоҳи
Ўзбекистон президенти 2017 йил 29 август куни имзолаган "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга асосан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирилиги "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш бўйича лойиҳа устида иш бошлади.
Кўчаларга ИИВ тизимига уланган марказлашган видеокузатиш ускуналари ўрнатиш¸ ана шу лойиҳанинг бир қисмидир.
23 ноябрь куни Озодлик гаплашган мазкур лойиҳаси мутасаддилари¸ “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туманида жорий ҳафта синов тариқасида бошлангани ва бу жараëнда видеокамераларни айнан қайси ширкат ўрнатиши бўйича тендер ҳали ўтказилмаганини билдирди.
"Шайҳонтоҳур туман бўйича пилот лойиҳани куни-кеча бошладик. Бу лойиҳа бюджети ҳимоясида қатнашганман¸ президентимизнинг қарори асосида 35-40 миллиард сўм қилиб белгиланган¸ источниги аниқ. Ахборот технологияларини ривожлантириш жамғармасидан олинади¸ деб белгиланган ва бу кейинги йил лойиҳасига киритилган. Тўппа-тўсатдан тадбиркорнинг олдига бориб¸ мана бунча пул берасан¸ деган гапни сиздан эшитиб¸ ҳайрон бўп турибман.
Ҳали техник топшириқ ишлаб чиқилмаган – қаерга нимани қўйиб чиқиш ҳали аниқланмаган. У тайëр бўлганидан кейин¸ тегишли вазирлик-идоралар билан келишиб¸ тасдиқлаб¸ ана ундан кейин конкурс-тендер эълон қиламиз. Ҳали у процессга етиб бормадик"¸ деган "Хавфсиз шаҳар" лойиҳаси мутасаддиси¸ қайсидир давлат тизими ҳали бошланмаган лойиҳа иддаоси билан вақтидан олдин видеокамералар ўрнатаëтган бўлса¸ бунинг муаммоли жиҳати борлигини таъкидлайди.
"Бу ерда интерграция масаласи бор. “Хавфсиз шаҳар” бутун республикани ўз ичига оладиган битта тизим бўлади ва қўйиладиган кузатув ускуналари ана шу тизим билан бирлашиб¸ ишлаши керак. Бу қўйилган камералар эртага маълумот узатиш¸ ахборот алмашинувида тизим бир-бирига тўғри келмаса¸ бу фақат қўшимча харажат бўлади".