Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.
Россиянинг “Комсомольская правда” газетаси мухбири Александр Коц байроқ ечиб олинганини тасдиқлаган. Унга кўра, шаҳардаги бошқа қатор биноларда Россия байроғи қолмоқда.
Россия расмийлари байроқнинг ечиб олиниши юзасидан ҳали ҳеч қанақа изоҳ берганларича йўқ. Бироқ Москва томонидан Херсон вилоят маъмурияти раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланган Кирилл Стремоусов “Соловьёв TV” телеканали эфирида Россия қўшинлари Днепрнинг чап қирғоғига чекиниши мумкинлигини тахмин қилган. Бу эса Херсон шаҳри топширилганини билдиради.
Стремоусовга кўра, яқин икки ҳафта ичида Украина қўшинлари шаҳарга ҳужум қилишлари мумкин.