Хитой Андижонда автомобиль заводи қурмоқчи

“Faw Trucks” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган юк машиналари (Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)

Хитойнинг “Faw Trucks” компанияси Андижон вилоятида юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қуриш ниятида.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида ҳар йили 10 минг дона юк ташувчи автомобиль ишлаб чиқариш режаланган.

Ҳокимлик хабарномасида лойиҳада Ўзбекистон ва Хитой томони улуши қанча экани, завод қурилиши учун сарфланаётган маблағ кредитми ёки сармоями каби масалаларга ойдинлик киритилмаган.

“Faw Trucks” компанияси раҳбариятининг Андижонга ташрифи мобайнида завод қурилишини ноябрь ойидан бошлашга келишилган.

“Faw Trucks” сайтида берилган маълумотларга қараганда, ширкат 2019 йилда 3,5 миллион дона автомобиль ишлаб чиқариб, 6,3 миллиард доллар даромад қилган.

Ширкат ўзини дунёда ва Хитойда юк автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири сифатида тақдим этган.