Хитой БМТдан мусулмонлар таъқиб қилинаётгани тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилмасликни талаб этмоқда

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет 2022 йилнинг майида Хитойга сафар қилган эди.

Хитой БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелетдан Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилмаслини талаб этмоқда. Reuters агентлигининг ёзишича, Хитой бу борада БМТга расмий мактуб йўллаган.

Мишель Бачелет ҳисоботни Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлик ваколати якунланишидан олдин, яъни август ойининг охирларида эълон қилишини билдирган. Мазкур ҳисобот БМТ экспертлари томонидан уч йил мобайнида тайёрланган.

Reuters агентлиги БМТдаги Хитой дипломатлари Шинжон бўйича ҳисобот эълон қилинишига қарши бошқа давлатларнинг БМТдаги вакилларидан имзо йиғаётганини маълум қилди.

Ҳозирча бу талабномани қанча давлат дипломатлари имзолагани номаълум. Хитой Шинжонда мусулмонлар ҳуқуқлари тўғрисидаги хисоботни мамлакат ички ишига аралашув сифатида қабул қилмоқда.

Хитой Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош бўлган Шинжонда 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқхоналарга ва лагерларга ташлаган. Пекин у ерда инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилганликда, шу жумладан, ушбу гуруҳларнинг маданий ўзлигини йўқ қилиш йўлида кенг қамровли кампанияни йўлга қўйганликда айбланмоқда.

Айни пайтда Хитой Шинжонда мусулмонлар ҳуқуқлари бузилаётганини инкор қилиб келмоқда ва бу ҳолатни террорчиликка, экстремистликка ва сепаратизмга қарши кураш билан изоҳламоқда.