Хитой денгиз йўли билан Эрон орқали Ўзбекистонга юк етказиб бера бошлади

Эрондаги Бандар Аббос порти (архив сурати)

Хитойнинг Сиямен портидан Ўзбекистондаги Сергели станциясига Эрон орқали контейнер поезди ҳаракати йўлга қўйилди. Бу ҳақда маълумот тарқатган “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ матбуот хизмати юк Хитойдан қачон йўлга чиққанига аниқлик киритган эмас.

Қайд этилишича, маиший техника юклари ортилган контейнерлар Хитойдан денгиз орқали Эрондаги Бандар Аббос портига олиб келинади, кейин эса портда темир йўл платформаларига юкланиб, Туркманистон орқали Ўзбекистонга кириб келади. Хитойдан келаётган юкнинг музлатгич, кир ювиш машинаси, газ плиталари каби ашёлардан иборат экани айтилган.

Хабарномада 39 та контейнердан иборат блок поезди Бандар Аббос портидан Сергели станциясигача икки ҳафтада етиб келиши, поезд айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида экани айтилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Хитойнинг Ланджоу станциясидан Тошкентга блок поезди йўлга қўйилгани, поезди ҳаракатига “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишни рағбатлантириш мақсадида старт берилгани ҳақида маълум қилган эди.