Хитой раҳбари Си Цзинпин Украина президенти Владимир Зеленский билан сўзлашувларга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Си Цзинпин билан Пекинда ўтган музокаралардан сўнг маълум қилди. Еврокомиссия раҳбари билан бирга Пекинга Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам борган.
Макроннинг айтишича, Ғарб Украинадаги урушга нуқта қўйиш ва жаҳон давлатларининг ўзаро душман бўлган икки лагерга бўлиниб қолинишининг олдини олиш ишларига Хитойни жалб қилиши лозим.
Си Цзинпин музокаралар чоғида Москва билан Киев имкон қадар тез фурсатда тинчлик сўзлашувларини бошлашига умид билдирди. Хитой Россия ва Украина можаросини тинч йўл билан бартараф этиш тарафдори эканини айтиб келади. Лекин Ғарб Пекинни Москва тарафдори ўлароқ тамсил этади.
Хитой раҳбари Украина президенти билан сўзлашув «қулай шароитларда ва ўз вақтида ўтказилиши»ни айтган.
Си Цзинпин март ойида президент Владимир Путин билан Москвада учрашганидан сўнг Зеленский ҳам Хитой раҳбари билан музокара ўтказиш ниятида эканини айтиб келмоқда.
Макрон ва Урсула фон дер Ляйенгача Пекинга Германия канцлери ва Испания бош вазири ташриф қилган эди. Бундан ташқари яқин кунларда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррел ҳам Пекинга сафар қилиши кутилмоқда.
Таҳлилчилар Европани йирик савдо ҳамкори бўлган Хитой Россия билан яқинлашаётгани ташвишга солаётганини айтмоқдалар. Европа раҳбарлари Си Цзинпинни Путинни Украина урушида қурол ва молия билан қўлламасликка чақиришмоқда.