Киберҳужумларни таҳлил ва тергов қилиш маркази GitHub платформасида 16 февраль куни қозоғистонликларнинг ўғирланган шахсий маълумотлари ошкор этилишини “системасиз ҳаракатлар ва ташкилот манфаатини давлат манфаатидан юқори қўйиш маҳсули” сифатида баҳолади. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар берди.
Марказнинг билдиришича, хитойлик хакерлар гуруҳи зарарли дастурлардан, Windows, Mac, iOS ва Android учун троянлардан, DDoS хизматларидан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини деанонимлаштириш иловаларидан, Wi-Fi'ни бузиш ускуналаридан фойдаланиб қозоғистонликларга доир шахсий маълумотларни ўғирлаб келган.
Қайд этилишича, камида битта хакерлик гуруҳи Қозоғистон алоқа операторларининг муҳим IT-инфратузилмаси устидан икки йил давомида тўлиқ назоратни ўрнатган. Хакерлар қўнғироқлар давомийлигини, қурилма ИМEИ-ларини ва биллингни кузатиб борган. Сиздирилган маълумотлар ичида Пенсия жамғармаси, Air Astana ва Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг почта серверига тааллуқли маълумотлар ҳам бор.
Бундан ташқари, хакерлар "ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, жумладан, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг қурилмаларига мақсадли ҳужумлар уюштирган.
Аввалроқ, киберхавфсизлик ва IT технологияларга ихтисослашган қатор нашрлар номаълум шахслар GitHub платформасига Хитойнинг I-Soon инфохавфсизлик компаниясининг ички ҳужжатларини жойлаган.
Ҳужжатларда Хитой дунё бўйлаб ижтимоий платформалар, телекоммуникация компаниялари ва бошқа ташкилотлардан яширинча маълумот олишига мўлжалланган жосуслик дастурлари муҳокама қилинган.
Ҳужжатларда айтилишича, Хитой жосуслик дастури, жумладан, Қозоғистоннинг Beeline ва Tele2 телекоммуникация компанияларидан ҳам нозик маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлган.
Тадқиқотчилар бу жосуслик амалиёти Хитой ҳукумати томонидан уюштирилганлигини гумон қилмоқда.
20 февраль куни Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси билан биргаликда "маълумотлар қандай сизиб кетганлиги”ни ўрганаётганини маълум қилди. Вазирлик ортиқча тафсилотларни келтирмаган.
“Таҳлил натижаларига кўра, тегишли ташкилотларда шахсий маълумотлар ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида режадан ташқари текширишлар ўтказилади”, дейилади вазирликнинг баёнотида.