Хитой коинотга парвозларни мувофиқлаштириш бошқармаси орбита станциясига иккинчи модул муваффақиятли туташтирилгани тўғрисида маълум қилди. "Вэньтянь" лабораториясидан турли тажрибаларни ўтказиш ва очиқ коинотга чиқишда фойдаланилади.
"Чанчжэн-5Б" оғир юк ташувчи ракета "Вэньтянь" модулини ерга яқин орбита станциясига 24 июль куни олиб чиқди. Парвоз Хайнань оролидаги Вэньчан космодромидан амалга оширилди. Модул шу куниёқ орбита станциясига туташтирилди.
22 тоннали модул ташқи манипуляторга, очиқ коинотга чиқиш учун шлюзга, тажриба стендлари ва экипаж учун хос хоналарга эга. Унга орбита станциясини бошқариш учун захира тизими ўрнатилган. Кузда "Тяньгун" (“Осмондаги қаср”) деб номланувчи бу орбита станциясига яна бир лаборатория туташтирилиши режалаштирилган. Шундан сўнг станция тўлиқ ишга туширилишга тайёр бўлади.
"Тяньгун" орбита станцияси коинотда 15 йил ишлаши назарада тутилган. У Халқаро коинот станцияси океанга чўктирилганидан сўнг коинотда ишлаб қоладиган ягона станция бўлиши таҳмин қилинмоқда. НАСА прогнозига қараганда, Халқаро коинот станцияси 2031 йилда сувга чўктирилиши мумкин.