Хитойнинг Zhejiang Union of Railway Logistics ширкати, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Қирғиз темир йўли” миллий компанияси” давлат корхонаси ҳамкорлигида 9 июнь куни Ланджоу станциясидан Тошкентга 30 та контейнердан иборат блок поезди йўлга тушган. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумот тарқатди.
Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, илк синов поезди ҳаракатига “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишни рағбатлантириш мақсадида старт берилган.
“Таркибида қуёш панеллари, механик жиҳозлар, матолар ва бошқа юклар бўлган умумий қиймати 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи юк поезди Хитойнинг Ланджоу шаҳридан Тошкентга 15 кунда етиб келиши белгиланган”, дейилган хабарномада.
Аввалроқ Озодлик жорий йилнинг 18 май куни Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтказилган “Хитой – Марказий Осиё” саммити доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасига оид уч томонлама ҳужжатга қўл қўйилгани ҳақида хабар қилган.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги ҳамда Хитой Тараққиёт ва ислоҳотлар қўмитаси томонидан имзоланган ҳужжатга мувофиқ, томонлар қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш, инвестициялар ва молиялаштириш моделини ўрганиш ва аниқлашга келишиб олишган.
“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим ўтган йил сентябрида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида ҳам имзоланган эди. Ҳужжатда Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган эди.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги қайдича, Самарқандда имзоланган ҳужжатда белгиланган ишлар амалга оширилган. Яъни Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистон лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва уни баҳолаш ишларини амалга оширган.
Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000 йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай келаётган эди.