Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилди

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт бериш мароссимидан лавҳа, 2024 йил 27 декабри

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Тўш-Қутчу қишлоғида 27 декабрь куни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли тамалига илк тошни қўйиш тантанали маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Унда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Хитойнинг тараққиёт ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси раиси Чжэн Шанцзе ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирок этишди. Маросимда Чжэн Шанцзе ХХР раиси Си Цзинпиннинг, Жамшид Хўжаев эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табрик нутқларини ўқиб эшиттиришган.

Садир Жапаров ўз сўзида янги темир йўл қурилишининг бошланишини Марказий Осиё мамлакатлари ривожига туртки берувчи тарихий воқеа, деб атаган.

Мазкур лойиҳага 27 декабрь куни старт берилиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун қўшма корхона тузилган бўлиб, унинг 51 фоизлик улуши Хитойга, 24,5 фоизлик улуши Қирғизистонга, яна 24,5 фоизлик улуши эса Ўзбекистонга тегишлидир. Объект қурилишининг умумий қиймати 4 миллиард 665 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу сумманинг ярми, яъни 2 миллиард 332 миллион доллар кредит шаклида Хитой томонидан қўшма корхона ҳисобига ўтказилади. Маблағнинг қолганини уч мамлакат ўз улушига мувофиқ равишда тақдим этади, яъни Пекин 1 миллиард 187 миллион доллар, Тошкент билан Бишкек эса 573 миллион доллардан ажратишлари лозим.

Янги темир йўл йўлаги Евросиё қитъалараро кўпригининг жанубий тармоғига айланиши ва Жанубий-Шарқий, Ғарбий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари, шу жумладан Туркия, кейин эса Европа Иттифоқи бозорларига олиб чиқиши кутилмоқда. Темир йўл Қашғар – Тўруғарт – Мақмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ётқизилади.

Темир йўл тармоғининг узулиги 486 километрни ташкил этиб, унинг 311,75 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Лойиҳа доирасида мамлакатда 18 та станция, 81 та кўприк ва 41 та туннель барпо этилиши режаланган. 2022 йилда Садир Жапаров бу йўл ишга туширилганидан кейин мамлакат ундан йилига камида 200 миллион доллар даромад олишини айтган эди.