Хитой расмийлари Шинжондаги 630 та қишлоқ номини ўзгартирди

Хитойлик полициячи 1640 йилда Қашғарда барпо этилган Офоқ Хожа мақбараси фонида (архив сурати)

Хитой расмийлари Шинжон-Уйғур автоном районидаги 630 чоғли қишлоқ номини ўзгартиришган. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти қароргоҳи Норвегияда бўлган Uyghur help ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Хитой расмийлари Шинжондаги юзлаб қишлоқлар номини уйғурлар учун бой мазмунга эга бўлган номлардан ҳукумат пропагандасини акс эттирган номларга алмаштирмоқда”, дея қайд этган HRWнинг Хитой бўйича директори вазифасини бажарувчи Майя Ванг.

Тадқиқотчилар маълумотига кўра, 2009 йилдан 2023 йилгача хитойлик расмийлар Шинжондаги 25 минг аҳоли пунктидан 3600 тасининг номига ўзгартишлар киритишган, бироқ қарийб 630 та ҳолатда номлардан диний атамалар ҳамда уйғур тарихи ва маданиятига оид ҳар қанақа унсур олиб ташланган. Хусусан, улар 1949 йили Хитой Халқ Республикаси ташкил этилгунига қадар бўлган давлат ташкилотлари ва маҳаллий раҳбарлар номларини, шунингдек, ўрда, султон ва дутор каби сўзларни олиб ташлашган.

Майя Ванг номларнинг бу тарзда ўзгартирилиши Хитой ҳукумати томонидан уйғурлар тарихи ва маданиятини йўқ қилиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми, деб ҳисоблайди.

Тадқиқотчилар минтақага бориш имконига эга бўлмагани учун номларнинг ўзгартирилиши маҳаллий аҳолига қандай таъсир кўрсатганини билмасликларини айтишган.