Президент Шавкат Мирзиёев Хитой ва Россия ташқи ишлар вазирларини қабул қилди

Сергей Лавров.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишларида иштирок этаётган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда 28 июль куни президент матбуот хизмати хабар қилди.

Сергей Лавров Украина уруши бошланганидан бери Ўзбекистонга келган Россиянинг юқори лавозимдаги илк мансабдори бўлди. Тошкентда 28-29 июль кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилмоқда.

Мирзиёев Лавровдан олдин Хитой ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. Ван И билан учрашув пайтида томонлар жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми 35 фоизга ошгани ва йил якунида товар айирбошлаш кўрсаткичлари 10 миллиард долларга яқинлашиши кутилаётганини мамнуният билан қайд этганлар.

Шунингдек, Хитой Ўзбекистонга киритган сармоялар миқдори 10 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Сергей Лавров билан учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар батафсил кўриб чиқилган.

Учрашувда “минтақадаги вазиятнинг ривожига ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жиҳатларига, шу жумладан ШҲТ саммитига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”.