Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга 23 январда бошланадиган ташрифи арафасида "Жэньминь жибао" газетасида "ўзи ёзган мақолани" эълон қилди.
“Ўзбекистон—Хитой: Минг йиллар давомидаги дўстлик ва ҳамкорлик” номли мақоланинг инглизча варианти "Жэньминь жибао" газетаси сайтида 22 январь соат 8:44 да, русча варианти соат 10:08 да чоп этилди.
Аммо Ўзбекистон президенти расмий сайтида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаган. Ўзбекистон маҳаллий нашрлари эса бу мақоланинг ўзбек тилидаги версиясини Хитой манбаларига таянган ҳолатда нашр қилди.
"Жэньминь жибао" газетасидаги матнга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёв: “Янги йилдаги илк ташрифим Осмон ости мамлакатига ҳурматли Хитой Халқ Республикаси Раиси жаноб Си Цзиньпин таклифи билан амалга оширилаётгани чуқур рамзий маънога эга”, деб ёзган.
Газета матнидан келиб чиқилса, Ўзбекистон президенти мақола давомида "Хитойга ҳар сафар борар эканман, бу ердаги ислоҳлар, эришилган ютуқлар, хитой халқининг ўз асрий орзуларини амалга ошириш йўлидаги бунёдкорлик кучи, меҳнатсеварлиги ва истеъдодига олқиш айтаман”, деб ёзган.
Хитойнинг асосий газетасидаги матнга ишонилса, президент Мирзиёев Хитойнинг иқтисодий ривожланишидан ҳайратда эканини бир неча марта такрорлаган.
"ХХРнинг бу каби эътироф этилгувчи ютуқлари Раис Си Цзиньпиннинг узоқни кўрувчи ва мақсадли йўналтирилган бунёдкорлик сиёсати натижасидир”, дейилади мақолада.
Ўзбекистон президенти қаламига мансуб экани айтилган мақолада иддао қилинишича, энг қадимги ҳужжатларда Хитой императори Хань Чжан Цян элчилари эрамиздан олдинги 126 йилда Фарғона водийсидаги Паркана давлатига келгани қайд этилган.
Мақола давомида “Хитой ипаги, қоғози, чинниси, чойи ва бошқа маҳсулотлар Ўзбекистоннинг қадимий бозорлари Самарқанд ва Бухоро орқали жаҳонга тарқалгани” айтилади.
“Жаҳон сиёсатидаги беқарорлик ва нотинчликка қарамай, биз келажакка дадил назар ташлаб, биргаликдаги бунёдкорлик режаларини тузамиз. Хитой Халқ Республикасининг ҳурматли раиси Си Цзиньпин билан бўлажак учрашувда айнан шу ҳақда гаплашамиз”, — деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти мақоласида Хитой билан ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва келажакдаги истиқболлари ҳақида ҳам сўз боради.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу мақоласи Хитойнинг давлатга қарашли асосий нашрида Пекинга 23-25 январь кунлари амалга ошириладиган давлат ташрифи арафасида эълон қилинди.
Расман билдирилишича, Пекиндаги олий даражадаги музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари Мирзиёев Хитой ҳудудларидан бирига ташриф буюриб, ушбу мамлакат етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Ташриф арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тайван масаласида Пекин позициясини қўллаб-қувватлаши тўғрисида баёнот тарқатган эди.
Тайванда 13 январда бўлиб ўтган президентлик сайловида Хитойдан мустақил бўлиши ва АҚШ билан муносабатларни ривожлантириш тарафдори бўлган амалдаги вице-президент Лай Циндэ ғолиб бўлганди.
Шундан сўнг Хитой раҳбари Си Цзиньпин халққа қилган телемурожаатида Тайваннинг Хитой билан бирлашуви “тарихий зарурат” эканини таъкидлаган.
Сининг бу баёноти ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, Тошкент “Ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган.
“... Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайван эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор маълум қиламиз”, дейилади баёнотда.