Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой Коммунистик партияси (ХКП) съезди арафасида юзлаб уйғурлар қўлга олинди. Бундай чора минтақада тартибсизликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилди, деб хабар берди Radio Free Asia ўз манбалари ва маҳаллий ҳокимият вакилларига таянган ҳолда.
Радионинг маълум қилишича, қўлга олишлар ХКПнинг ХХ съездидан бир неча ой олдин - июлда бошланган. Октябрь ойида эса ҳукумат минтақа аҳолиси ўта заруратсиз бошқа ҳудудларга бормаслиги учун Шинжон-Уйғур мухториятига кириш ва чиқишни чеклади.
ХКПнинг Панжим қишлоғидаги қўмитаси котиби сўнгги ҳибсга олишлар сентябрнинг охири-октябрнинг бошларида амалга оширилганини ва съезд арафасида ўтказилаётган репрессияларнинг бир қисми бўлганини тасдиқлади. “Қўлга олинганлар асосан 2000 йилдан кейин туғилган ёшлардир, улар хавфли авлод вакиллари”,-деди котиб.
Журналистлар Хўтанда камида 2000, Қулжада 125 киши қўлга олинганини аниқлашга муваффақ бўлишди. Бундай репрессиялар мухториятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда. Манбаларнинг айтишларича, қўлга олинганларнинг асосий қисми Хитой ҳукумати “хавфли авлод вакиллари” деб атаётган 2000 йилдан кейин туғилган ёшлардир.
Аssociated Press май ойида Хитойнинг уйғурлар яшайдиган шаҳрида деярли ҳар 25 кишидан бири терроризм билан боғлиқ айбловлар билан қамоқ жазосига ҳукм қилингани ва бу озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ дунёдаги энг юқори кўрсаткич эканини хабар қилган эди.
Шинжонда 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон озчиликларни қамоқхоналарга ва лагерларга ташлаган. Пекин у ерда инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилганликда, шу жумладан, ушбу гуруҳларнинг маданий ўзлигини йўқ қилиш йўлида кенг қамровли кампанияни йўлга қўйганликда айбланмоқда.
Айни пайтда Хитой Шинжонда мусулмонлар ҳуқуқлари бузилаётганини инкор қилиб келмоқда ва бу ҳолатни террорчиликка, экстремистликка ва сепаратизмга қарши кураш билан изоҳламоқда.
Сентябрнинг бошларида БМТнинг истеъфога кетаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бачелет ўз ҳисоботида Шинжонда мусулмонларнинг камситилиши ва “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланиши “инсониятга қарши жиноят” сифатида талқин қилиниши мумкинлигини таъкидлаган эди. БМТ расмийси Хитойни зудликда қамоқларда ноқонуний сақланаётган мусулмонларни озод этишга чақирган.
Бундан аввал АҚШ ҳукумати, Британия, Нидерландия, Канада парламентлари Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини геноцид сифатида тан олган ва санкциялар жорий этган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг октябрь ойи бошларида ўтган 51-сессиясида Ўзбекистон ва қатор мусулмон давлатлар Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганини муҳокама қилинишига қарши овоз берди.
БМТнинг Женева бўлими расмий сайтида билдирилишича, бу масала 6 октябрда кун тартибига қўйилган. Уни 17 давлат қўллаган, 19 давлат қарши чиққан ва 11 давлат бетараф қолган.