Хитой вакцинаси синовида иштирок этадиган кўнгиллилар сони 9 минг нафарга етказилади

Хитойнинг Zhifei Loncom Biofarmaceutical ширкати ишлаб чиқилган ZF 2001 вакцинаси учинчи синов босқичларида 5 минг нафар эмас, 9 минг нафар кўнгилли иштирок этади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Тадқиқот кўламининг кенгайтирилишига сабаб, биринчидан, тадқиқот иштирокчилари сонининг иккинчи ва учинчи доза эмлаш босқичида камайиш эҳтимоли мавжудлигидадир. Иккинчидан, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгани боис коронавируснинг вакцина олганларга таъсирини ўрганиш қийинлашмоқда. Негаки, вакцинанинг таъсири организмга вирус таъсир қилганда аниқланади”, дейилган хабарномада.

Вазирлик қайдича, мамлакатда Хитой вакцинаси синосида иштирок этиш истагини билдирган кўнгиллиларнинг умумий сони, жорий йил 30 январь ҳолатига кўра, 12105 нафарни ташкил этган. Улардан 5291 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси билан ва 790 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси билан эмланган.

Синовларда иштирок этаётган кўнгиллиларнинг ярми вакцина эмас, плацебо олмоқда.

Аввалроқ ўзбек расмийлари Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясида ишлаб чиқарилган рекомбинант вакцинанинг Ўзбекистонда ўтказилаётган III фаза клиник синовларида 18 ёшдан катта, сурункали касалликларга чалинмаган, 5000 та кўнгилли иштирокчиларни жалб этиш режалаштирилгани, ҳозирда кўнгиллилар рўйхатини шакллантириш билан бир қаторда танлаб олинган кўнгиллиларга 1-доза вакцина билан эмлаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилишганди.

Кўнгиллилар синов жараёнида жами уч доза вакцина билан эмланиши кўзда тутилган. Синов жараёни 2022 йил январигача давом этиши билдирилган.