Хитой вакцинаси синовида иштирок этишни истаганлар сони 13,5 мингдан ошди

Ўзбекистонда Хитойнинг коронавирусга қарши ZF 2001 вакцина синовида иштирок этиш учун ташриф буюрганлар сони, жорий йилнинг 3 февраль ҳолатига кўра, 13 минг 652 нафарни ташкил этган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, эмланиш ниятида келганлардан 6120 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси билан ва 932 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси билан эмланган.

Аввалроқ расмийлар Ўзбекистонда Хитой вакцинасининг учинчи синов босқичларида 5 минг нафар эмас, 9 минг нафар кўнгилли иштирок этишини маълум қилганлар.

Аввалроқ мазкур вакцинанинг III фаза клиник синовларида 18 ёшдан катта, сурункали касалликларга чалинмаган, 5000 та кўнгилли иштирокчиларни жалб этиш режалаштирилгани, ҳозирда кўнгиллилар рўйхатини шакллантириш билан бир қаторда танлаб олинган кўнгиллиларга 1-доза вакцина билан эмлаш ишлари олиб борилаётгани билдирилган.

Кўнгиллилар синов жараёнида жами уч доза вакцина билан эмланиши кўзда тутилган. Синов жараёни 2022 йил январигача давом этади.