Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой (ZF 2001) вакцинасининг III фаза синовларида иштирок этган фуқаролар сони, 2021 йил 7 январь ҳолатига кўра, жами 1328 кишини ташкил этган.
Қайд этилишича, кўнгиллиларнинг ҳаммаси ҳам вакцина билан эмланмаган, айримларига плацебо, яъни вакцина билан бир хил кўринишга эга, ўзида номзод вакцина ёки дори воситасини сақламаган бирикма юборилган.
“Ушбу синов икки томонлама номаълум бўлганлиги учун на шифокор ва на кўнгилли вакцина ёки плацебо олганини билмайди”, дейилган хабарномада.
Аввалроқ ўзбек расмийлари Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компаниясида ишлаб чиқарилган рекомбинант вакцинанинг Ўзбекистонда ўтказилаётган III фаза клиник синовларида 18 ёшдан катта, сурункали касалликларга чалинмаган, 5000 та кўнгилли иштирокчиларни жалб этиш режалаштирилгани, ҳозирда кўнгиллилар рўйхатини шакллантириш билан бир қаторда танлаб олинган кўнгиллиларга 1-доза вакцина билан эмлаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилишганди.
Кўнгиллилар синов жараёнида жами уч доза вакцина билан эмланиши кўзда тутилган. Синов жараёни 14 ой, яъни 2022 йил январигача давом этиши билдирилган.