Хитой хорижга чиқмоқчи бўлган ўз фуқаролари учун эмлов сертификати чиқарди

Эмланиш учун навбат кутиб ўтирган одамлар, Пекин, 2021 йил январи

Хитой хорижга сафар қилишни режалаётган ўз фуқаролари учун COVID-19 га қарши эмланганлик тўғрисида рақамли сертификат чиқарди. Кишининг эмланганлиги ва коронавирусга топширган тест натижаларига оид маълумотлар акс этган сертификатни хитойликлар WeChat ижтимоий тармоқ дастури орқали олишлари мумкин.

Хитой ТИВ вакили 9 март куни мазкур сертификат “жаҳон иқтисодиёти тикланишига кўмаклашиш ва трансчегаравий сафарларни осонлаштириш” мақсадида жорий қилинаётганини билдирган.

Ҳозирги пайтда фақат хитойликлар олиши мумкин бўлган ва олиш мажбурий бўлмаган сертификатни жаҳондаги илк “вирус паспорти” деб ҳисоблаш мумкин. Мазкур ҳужжатни қоғоз шаклида ҳам олса бўлади.

Бу каби сафар рухсатномаси бериш имкониятини АҚШ ва Буюк Британия дохил бошқа мамлакатлар ҳам кўриб чиқмоқда.

Европа Иттифоқи ҳам эмловдан ўтган одамларга ЕИ ичида ва хорижга саёҳат қилиш имкониятини берадиган ҳужжат устида ишлаяпти. Бундай ташаббус маълумотлар конфиденциаллиги юзасидан хавотирларга сабаб бўлди. Айни пайтда сертификатлар давлат назоратини кучайганини англатишига оид ҳам хавотирлар мавжуд.