Хитойда Би-би-си жаҳон хизмати фаолияти тақиқланди

Хитой расмийлари мамлакат ҳудудида Британиянинг BBC World News (Би-би-си жаҳон хизмати) ёйинини тақиқлашди.

Мазкур қарор Британия расмийлари томонидан мамлакат ҳудудида Хитой давлат телевидениеси ёйини тақиқланганидан бир ҳафта ўтиб қабул қилинди.

Бироқ Хитой расмийлари баёнотида Би-би-си ёйинига тақиқ жавоб чораси эмас, балки Британия телеканали томонидан йўл қўйилган “жиддий қонунбузарликлар” туфайли қўйилгани айтилган. ОАВ Хитойдаги миллий бирлик ва миллий манфаатларга путур етказганликда айбланган.

BBC World News Хитойда кўп телеканаллар пакетига киритилмаган бўлса-да, шу кунгача кўплаб меҳмонхоналарда бу телеканални томоша қилиш имкони бўлган.

Би-би-си раҳбарияти Хитой расмийлари қарори юзасидан таассуф изҳор қилган.

Лондон ва Пекин ўртасида сўнгги пайтларда таранглик кучайгани кузатилади. Бунга асосан Ҳонконгдаги воқеалар сабаб бўлган. Британия Хитойнинг Ҳонконг мухториятини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларини қоралаган ва шаҳар аҳолисининг катта қисмига фуқаролик таклиф қилиши мумкинлигини билдирган.