Хитойда “ножоиз мазмундаги” қўшиқларни караокеда айтиш тақиқланади

Хитой расмийлари мазмун-моҳияти ножоиз бўлгани учун караокеда айтиш ман этиладиган қўшиқлар рўйхатини тузиб чиқишади. Мазкур тақиқ шу йил 1 октябридан кучга киради. Бу ҳақда ХХР Маданият ва туризм вазирлиги маълумот тарқатди.

Чеклов чоралари, иддаоларга кўра, социалистик қадриятларни ташвиқ қилиш ҳамда мафкуравий хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий қилинмоқда. Жумладан, караокеда, расмийлар мулоҳазасига кўра, Хитой суверенитетига хавф солувчи, одамларни динга, ирим-сиримларга ёки қиморга рағбатлантирувчи, ичида бўҳтон унсурлари бўлган қўшиқларни куйлаш тақиқланади.

Қўшиқлар мониторинги учун масъулият караоке учун контент етказиб берувчи ширкатлар зиммасида бўлади.

Хитой Халқ Республикасида қўшиқ айтиш мумкин бўлган 50 мингдан зиёд кўнгилочар марказ мавжуд. Караокега мослаштирилган қўшиқлар сони эса 100 мингдан ошади. Бу тақиқланган матнларни қидириб топиш бўйича контент операторлари ишини қийинлаштиради.

2015 йили Хитойда Интернет тармоғи орқали ёйинланган ва жамият учун хавфли деб кўрилган 120 та қўшиқ тақиқланган эди.