Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий кенгашининг онлайн тарзда ўтган йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши “яқин кунларда” бошланишини тасдиқлади.
Мирзиёевнинг айтишича, “замонавий янги чақириқлар жануб ва шарқ йўналиши бўйича янги муқобил транспорт йўлакларини бундан буён ривожлантириш зарурлигини талаб қилмоқда”.
“Яқинда биз Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилишини бошлашни режалаштирмоқдамиз. Лойиҳа Осиё – Тинч океани ҳудудидаги бозорларга чиқиш учун қўшимча имкониятларни пайдо қилади. Бу йўналиш Шарқ-Ғарб йўналишида мавжуд бўлган темир йўл линияларини тўлиқлайди”,- деди Мирзиёев.
Евросиё иқтисодий кенгашининг онлайн саммити жорий йилда Қирғизистон раислиги остида ўтмоқда. Саммитда Мирзиёев кузатувчи давлат мақомига эга бўлган давлат раҳбари сифатида иштирок этди.
Бундан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислик қилган онлайн саммитда Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этди. Мазкур давлатлар Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо ҳисобланади.
Ўтган ҳафтадаги ҳукумат йиғилишида Қирғизистон Министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров расман Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши шу йил кузида бошланишини эълон қилганди.
Мавзуга алоқадор Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши "шу йил кузида бошланади"Қирғизистон ҳукумати раҳбарининг билдиришича, уч давлат ўртасида темир йўл қурилиши бўйича шартнома лойиҳаси бўйича иш якунланган.
Қирғиз Бош вазири шартнома Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой лидерлари томонидан жорий йилнинг сентябрида Тошкентда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида имзоланиши кутилаётганини билдирган.
Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари 1997 йилнинг 21 июлида Қирғизистон-Хитой чегарасидаги “Эргаштом” чегара пунктини очиш маросимида қатнашган эди. Ўшанда бу уч давлат расмийлари яқин орада Андижон-Ўш-Қошғар автомобиль йўли очилишини эълон қилган, аммо бу йўл 2018 йилга келибгина очилди. Ўшанда бери расмийлар темир йўл “яқинда” очилишини ваъда қилиб келмоқда.
Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли Хитойни Марказий Осиёга боғловчи тугалланмаган икки лойиҳанинг бири. Иккинчиси Туркманистон-Хитой табиий газ қувури лойиҳасининг D линиясидир.