Қирғизистон ҳукумати 28 июнь куни ўтган йиғилишда Хитой -Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг Қирғизистондан ўтувчи маршрути аниқлангани тўғрисида маълум қилди.
Транспорт ва коммуникациялар вазири Эркинбек Осоевнинг ҳукумат йиғилишида билдиришича, темир йўлнинг Қирғизистондан ўтувчи қисми Тўруғарт-Мақмал-Жалолобод йўналишида бўлади. Жалолобод орқали йўл Ўзбекистонга ўтади. Вазир мазкур йўналишнинг техник-иқтисодий аниқламасини ишлаб чиқиш декабрь ойигача якунланишини айтди.
Май ойининг ўрталарида ўтган ҳукумат йиғилишида Қирғизистон Министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров расман Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши шу йил кузида бошланишини эълон қилганди. Қирғиз Бош вазири шартнома Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой лидерлари томонидан жорий йилнинг сентябрида Тошкентда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида имзоланиши кутилаётганини билдирган.
27 майда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий кенгашининг онлайн тарзда ўтган йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши “яқин кунларда” бошланишини тасдиқлаганди.
“Яқинда биз Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилишини бошлашни режалаштирмоқдамиз. Лойиҳа Осиё – Тинч океани ҳудудидаги бозорларга чиқиш учун қўшимча имкониятларни пайдо қилади. Бу йўналиш Шарқ-Ғарб йўналишида мавжуд бўлган темир йўл линияларини тўлиқлайди”,- деди Мирзиёев.
Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари 1997 йилнинг 21 июлида Қирғизистон-Хитой чегарасидаги “Эргаштом” чегара пунктини очиш маросимида қатнашган эди. Ўшанда бу уч давлат расмийлари яқин орада Андижон-Ўш-Қошғар автомобиль йўли очилишини эълон қилган, аммо бу йўл 2018 йилга келибгина очилди. Ўшанда бери расмийлар темир йўл “яқинда” очилишини ваъда қилиб келмоқда.
Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли Хитойни Марказий Осиёга боғловчи тугалланмаган икки лойиҳанинг бири. Иккинчиси Туркманистон-Хитой табиий газ қувури лойиҳасининг D линиясидир.