Хитойдан Тошкентга яна миллион доза вакцина олиб келинди

Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd ширкати томонидан ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳаммуаллифликда яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасидан 18 май куни Тошкентга яна 1 миллион доза олиб келинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Шу йилнинг 27 март ва 27 апрель кунлари ҳам Хитойдан Ўзбекистонга 1 миллион дозадан вакцина келтирилганди. Айни пайтда мамлакатга март ойида Британияда ишлаб чиқарилган AstraZeneca вакцинасидан 660 минг доза, апрель ойида эса Россияда ишлаб чиқарилган "Спутник V" вакцинасидан 100 минг доза олиб келинган.

Шу тариқа Ўзбекистоннинг вакцина захираси 3 миллион 760 минг дозага етган. ССВ қайдича, айни пайтгача фойдаланилган 1 миллион 346 минг дозадан ортиқ вакцинанинг 62 фоизи, яъни 842 минг дозадан ортиғини ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ташкил қилмоқда.

“Шундан айни пайтгача 91 минг нафардан ортиқ юртдошимиз ўзбек-хитой вакцинасининг 2-босқичи билан ҳам эмланган”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланган. Эмловда ZF-UZ-VAC2001 ҳамда AstraZeneca вакцинаси қўлланилган. 28 апрелдан эса ўзбекистонликлар “Спутник V” вакцинаси билан ҳам эмланмоқда.