Ўзбекистон олти ойда Хитойга газ сотишни 2,2 баробарга кўпайтирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон 2022 йилнинг олти ойида Хитойга 404 миллион долларлик табиий газ сотди. Хитой Божхона бош бошқармасининг 20 июлда билдиришича, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарга кўпдир.

Хитой томонининг билдиришича, Ўзбекистон Хитойга энг кўп газ сотувчи беш давлатдан бири бўлиб қолмоқда. Биринчи ўринда олти ойда Хитойга 4,5 миллиард доллар газ сотган Туркманистон бормоқда. Ундан кейинги ўринларни эса Россия, Мьянма, Қозоғистон ва Ўзбекистон эгаллади.

Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ўзи қазиб олаётган газнинг камида 10 фоизини Хитойга сотмоқда.
Ўзбекистон ички истеъмол талаби кучайгани ортидан 2022 йил бошида Хитойга газ экспортини тўхтатганди. Аммо май ойидан бошлаб яна Хитойга газ экспорти қайта тикланган.

“Ўзтрансгаз” раҳбари Беҳзод Норматов 28 июнь куни Ўзбекистон 2025−2026 йилларга бориб хорижга газ сотишнинг бутунлай тўхтатиши мумкинлиги тўғрисида билдирган эди. Буни у газга бўлган ички талабнинг ошиб бораётгани билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Статистика қўмитасининг май ойидаги расмий ҳисоботида таъкидланишича, сўнгги уч йилда электростанцияларга газ бериш 13 фоизга, аҳолига газ етказиб бериш 30 фоизга кўпайган.

Ўзбекистон аҳолиси ҳар йилги куз-қиш мавсумида газ ва электр таъминоти тақчиллигига дучор бўлаётгани халқаро матбуотда, жумладан, Озодлик радиосида ёритиб келинади.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган.