Тожикистон Транспорт вазирлиги ва Хитой Zhejiang Communications Construction Group Co. Ltd ширкатининг Тожикистондаги шуъбаси Марказий Осиёда энг узун автомобиль кўприги қурилиши тўғрисидаги икки томонлама шартномани имзолашди.
Тожикистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати тақрибан 60 миллион долларни ташкил этади.
“Кўприк замонавий йўл қурилиши меъёрларини эътиборга олган ҳолда, тажрибали маҳаллий ва хорижлик мутахассислар иштирокида қурилиши ҳамда 4 йил мобайнида фойдаланишга топширилиши лозим”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Айни пайтда транспорт вазири Азим Иброҳим “объект қурилиши аввалроқ ҳам якунланиши мумкин”лигини қайд этган.
Лойиҳага кўра, узунлиги 920 метр бўлган кўприк (кириш йўллари билан унинг узунлиги 1,5 километрни ташкил этади) Нуробод туманидаги Суҳроб дарёси устида барпо этилади.
Zhejiang Communications Construction Group Co. Ltd ширкатининг Тожикистондаги шуъбаси вакили Ли Минкун ширкат Тожикистонда бир неча йилдан буён фаолият олиб бораётгани ҳамда йўллар ва кўприклар қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эгалигини айтган.
Zhejiang Communications Construction Group Co. Ltd транспорт инфратузилмаси объектлари қурилишига ихтисослашган Хитой давлат корпорациясидир. У дунёнинг 139 та мамлакатида ўз шуъбаларига эга бўлиб, дунёдаги энг узун кўприкларни лойиҳалаштириш ва қуриш, тураржой ва тижорат мажмуаларини барпо қилиш, автойўллар қуриш дохил ХХР ва бошқа мамлакатларда кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширган. Ширкат дунёдаги энг узун денгиз кўприги бўлмиш Ханчжоу Бэйни (36 км) ва Антверпен бандаргоҳи (Бельгия) учун дунёдаги энг катта шлюз дарвозаларини қурган.