Олий Мажлис Қонунчилик палатасига истироҳат боғлари, сайилгоҳ ва хиёбонларни хусусийлаштириш тақиқланиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда маълум қилган қуйи палата матбуот хизмати бу янги парламентга киритилган илк лойиҳа эканига эътибор қаратган.
“Адолат” ва Экологик партиялари томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштириш, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни тақиқлаш назарда тутилмоқда.
Ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан ботаника боғлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилмоқда.
Депутатлар ўрганишларида аниқлашича, сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётгани кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўлмоқда.
Истироҳат боғлари ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик бегоналаштириш амалиёти кенгайиб бораётгани натижада боғлар ҳудуди қисқариб бормоқда.
Фаоллар истироҳат боғлари, сайилгоҳлар билан бирга таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштиришни ҳам қонун даражасида тақиқлашни талаб қилиб келмоқда.