Польша бош вазири Дональд Туск, агар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Освенцим концлагери озод қилинганининг юбилейи учун мамлакатга келгудек бўлса, Халқаро жиноят суди ордерига қарамай, унинг ҳибсга олинмаслигини ваъда қилди. Бу ҳақда Польша матбуот агентлиги хабар қилди.
Польша ҳукумати раҳбарига кўра, у адлия ва ички ишлар вазирларига мазкур қарорни юридик жиҳатдан таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилган.
“Бир томондан, бизда Халқаро суд ордери бор, бошқа томондан эса менда энг бошдан Исроил бош вазири, Исроил президенти ёки Исроил давлатининг исталган бошқа бир вакили юбилей тантаналарида ўзини хавфсиз ҳис қилишга тўла ҳақли бўлиши керак, деган қаноат бор”, деди у.
“Мен Исроил сиёсий лидерлари Освенцим озод қилинишини нишонлаш маросимларида хавфсиз тарзда иштирок эта олмаслигини тасаввур қилолмайман, бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир”, деган Туск.
Польша ҳукумати 9 январь куни ёйинлаган резолюцияда концлагер озод қилиниши билан боғлиқ юбилейда Исроилнинг юқори лавозимли мулозимлари эмин-эркин қатнашишлари кафолатланган.
Аввалроқ Нетаняхунинг хавфсизлигини таъминлаш илтимоси билан ҳукуматга Польша президенти Анжей Дуда ҳам мурожаат қилгани маълум бўлганди. Нетаняхунинг Освенцимдаги маросимга келиш-келмаслиги ҳозирча маълум эмас. Исроил делегациясига таълим вазири етакчилик қилиши тахмин қилинмоқда.
Польша Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди аъзоси бўлиб ҳисобланади. Давлат лидерлари халқаро алоқаларда одатда мутлақ дахлсиз бўлишига қарамай, ХЖС уларни ҳибсга олиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблайди.
Бинямин Нетаняху ва Исроил собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордер ўтган йилнинг ноябрь ойида берилган эди. Суд уларни Ғазо секторида содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда айбламоқда. Исроил расмийлари бу айбловларни қатъиян рад этиб келади.