Қорақалпоғистонда вояга етмаган икки бола дохил 6 киши ис газидан вафот этди

Иллюстратив сурат

Қорақалпоғистонда бир оиланинг тўрт аъзоси ва икки меҳмон ис газидан нобуд бўлди. Ҳодиса қурбонлари орасида 7 ва 11 яшар болалар бор.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси қайдича, нохуш ҳодисага оид маълумот Хўжайли туман ИИБга 9 декабрь куни соат 17:00 ларда келиб тушган.

Туманнинг “Сомонкўл” ОФЙда жойлашган уйлардан бирида истиқомат қилувчи Г.Ю. ва А.Р. ҳамда уларнинг 2009 йилда ва 2013 йилда туғилган фарзандлари ва бу хонадонга меҳмонга келган К.А. ва Х.А. иситиш печидан чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этганлар.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Хўжайли тумани прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти.

Ўзбекистонда қиш мавсумида ҳар йили юзлаб одамларнинг ис газидан заҳарланиши катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 20 ноябрда бир кун ичида 9 киши ис газидан заҳарлангани ҳақида маълум қилган эди.

Наманган вилояти Чортоқ шаҳри Мустақиллик кўчасида яшаган 25 ёшли ногирон йигит Ҳикматилла Юсупов 18 ноябрь куни ис газидан вафот этган. 6 ноябрда Сирдарё вилоятида эр-хотин ис газидан заҳарланиб ўлган.

30 октябрда ис газидан Навоий вилояти Навбаҳор туманида икки нафар вояга етмаган ака-ука, 22 октябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани Остона қишлоғида бир оиланинг тўрт аъзоси, 28 октябр куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2019/2020 йил куз-қиш мавсумида 55 ҳолатда ис газидан заҳарланиш қайд этилгани, уларда 75 киши жабрлангани ва 73 киши вафот этганини билдирган эди.