Ўзбекистонда барча ишчи ва ходимлари коронавирусга қарши вакцинанинг камида иккита дозаси билан эмланганига оид сертификатга эга бўлган масжидларда шу йил 13 августидан эътиборан жума намозини ўтказишга рухсат берилди. Бунга оид қарор 10 август куни Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинди.
Шунингдек, комиссия Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита таклифини инобатга олган ҳолда масжидларга жума намозини ўқиш учун коронавирусга қарши вакцина билан эмланганига оид QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритилишига рухсат берган.
Айни пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларга ҳам мазкур тартибни татбиқ этишни тавсия қилинган.
Қарор билан ибодатларни адо этиш жараёнида ташриф буюрувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши ҳамда ижтимоий масофани сақлаши бўйича карантин чекловларига қатъий риоя этилиши лозимлиги белгиланган.