Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий 1 октябрь куни Эрон томонидан Исроилга берилган ракета зарбасини “қонуний” ва “машруъ” деб атади. Бу ҳақда у жума хутбасида билдирди.
“Бизнинг Қуролли кучларимиз амалга оширган иш сионистик режим, АҚШ ва унинг иттифоқчилари жиноятлари учун энг кичик жазо эди”, деди Хоманаий. У зарурат туғилган тақдирда, ҳужумлар давом этишини урғулади.
Хоманаий Исроил Фаластиннинг ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳлари устидан ҳеч қачон ғалаба қилолмаслигини қайд этди.
АҚШ “Ҳизбуллоҳ”ни террор ташкилоти деб билади, Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.
Теҳрондаги Имом Ҳумайний масжидида бўлиб ўтган жума намози ва “Ҳизбуллоҳ”нинг ўлдирилган лидери Ҳасан Насруллоҳни ёдлаш маросимида оятуллоҳ Али Хоманаийдан ташқари Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, парламент спикери Муҳаммадбоқир Қолибоф ва суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Эжейлар иштирок этишган. Маросимга Теҳрон кўчаларидаги ўн минглаб киши қўшилган.
Хоманаий сўнгги марта жума намозига 2020 йил январида Эрон томонидан АҚШнинг Ироқдаги икки базасига ракета зарбалари берилгани ортидан имомлик қилган эди. Теҳрон мазкур ҳужум Ислом инқилоби посбонлари корпуси қўмондонларидан бири Қосим Сулаймонийнинг Бағдод аэропортида америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганига жавоб эканини урғулаган.
Биринчи октябрь куни Эрон Исроил ҳудудига 180 дан зиёд баллистик ракета отган. Бу Ливаннинг Эрон томонидан дастакланаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан Исроил ўртасидаги жанглар эскалацияси манзарасида содир бўлган. Ракеталарнинг анчагинаси ҳавода уриб туширилган, бироқ кўплаб ракета ракетага қарши мудофаа тизимини ёриб ўтган.
The New York Times газетаси иддаосига кўра, Исроилга ҳужум олий раҳбар Али Хоманаий топшириғи билан Ислом инқилоби посбонлари корпуси томонидан берилган, мўътадил сиёсатчи саналган мамлакат президенти Масъуд Пезешкиёнга эса бу ҳақда бевосита ракеталар отилишидан сал аввалроқ хабар берилган. Пезешкиён ракета ҳужумини Эроннинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқини амалга ошириши деб атаб, зарбаларни расман дастаклаб чиққан.
Бу Эрон томонидан бевосита Исроилга қарши амалга оширилган иккинчи ракета ҳужуми бўлиб ҳисобланади. Биринчи ҳужум апрель ойида амалга оширилган эди. Ўшанда Исроил Эрон ҳудудига жавоб зарбасини берган эмас. 1 октябрдаги зарбалар ортидан Исроил Теҳрон ҳужумига жавоб берилиши мумкинлигини билдирган.