Хонадонлар томининг камида ярми қуёш панели билан қопланади

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда икки йил ичида 3 мингга яқин кичик гидроэлектростанция қуриш, аҳоли ва хўжалик субъектларининг камида 50 фоиз томларини қуёш панели билан қоплаш режалаштирилмоқда.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Ўзбекистон 24” телеканалига интервьюда маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили”нинг давлат дастури лойиҳаси юзасидан йиғилишда ана шундай топшириқ берилган.

Вазирга кўра, 3,5 минг мегаватт янги генерация қувватларига қўшимча равишда 1 минг мегаватт энергетика қувватларини яратиш, истеъмол қилинаётган электр энергияси, табиий газ ва бошқа иссиқлик манбаларини тежаш ҳам буюрилган.

“Селектор мажлисида 2025 йил давомида давлат дастури доирасида бажариладиган ишлар бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Жумладан, яшил энергия улушини ошириш, яшил энергияни барча тармоқларда, барча соҳаларда хонадонларгача жорий қилиш, буни максимал равишда қўллаб қувватлаш, тармоққа улаш ва аҳоли томонидан ортиқча ишлаб чиқарилган энергияни сотиб олиш уқтирилди”, деган Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ҳукумат мулозими қуёш панеллари ўрнатиш дастурининг молиялаштириш манбаларига аниқлик киритмаган.

Ушбу хабар ортидан ижтимоий тармоқларда аҳоли ва тадбиркорларни яна қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш кампанияси бошланиши ҳақида хавотирли фикрлар тарқалди.

Маҳаллий матбуот 2025 йилнинг биринчи куниданоқ қуёш панеллари импортига тақиқ кучга киргани ҳақида хабар берганди. Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров буни мамлакат иқтисодиёти учун “яшиллик ва самарадорлик принципларидан олигархик тўдаларнинг тор манфаатлари устун қўйилган”ига йўйган.

2024 йилнинг куз ойларида ҳам Ўзбекистонда тадбиркорлар қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётгани хусусидаги хабар тарқалган, Энергетика вазирлиги эса уни рад этиб чиққан эди.

Ўзбекистонликлар қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани мавзуси аввалроқ Озодликда бир неча бор ёритилган.

Қуёш панелларининг тендер савдосида бир қатор шубҳали ҳолатлар ҳам аниқланган.