Хоразм: Президент келиб кетгандан кейин ходимлардан ишдан бўшаш ҳақида ариза олинди

Ишдан бўшаш аризаси

Ўзбекистон президентининг Хоразм вилоятига ташрифи ортидан вилоятнинг барча туманларидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ходимларидан ëппасига ишдан бўшаш ҳақидаги аризалар ëздириб олинди. Мажбуран ариза ëзганлар эртасига ўз ўринларига вақтинча ва синов муддати билан ишга олинди.

Хоразм вилояти Бандлик бош бошқармасида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ ходимларни қаттиққўллик билан бошқариш учун шу услуб танланган. Унинг сўзларига кўра¸ Ўзбекистон президенти вилоятга ташрифи чоғида ишсизликни бартараф қила олмаган мулозимларни танқид остига олгани ортидан бу ишга қўл урилган.

Хоразм вилояти туманларидан биридаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходими Озодлик билан суҳбатда “бу вилоят раҳбари ижод қилган услуб” эканлигини билдирди.

«Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ишлайман. Президент келиб кетганидан кейин иқтисодий комплекс ходимларига етарли даражада ишламаётганлиги билдирилиб, ариза олиш компанияси бошланиб кетди. Бизларга якшанба куни бошқармадан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб беришни сўрашди. Изидан бир кундан кейин ишга қабул қилиш тўғрисида ариза ёзишни талаб қилишди. Вақтинча вазифани бажарувчи қилиб синов муддати билан қайта ишга олинар эканмиз. Бу меҳнат қонунчилигига зид нарса. Туманлардан сўрасам, барчаси ёзиб берган аризани».

Шовот туманидаги Бандликка кўмаклашиш маркази

Хоразм вилояти Бандлик бош бошқармасида ишлайдиган мулозимнинг Озодликка айтишича, «бутун ходимларга ишончсизлик билдириб, ëппасига синов муддатига ўтказилиши вилоят ҳокими 12 декабрь куни имзолаган 238- сонли фармойиш ортидан амалга оширилмоқда».

Озодликда вилоят ҳокими Эрманов имзолаган фармойиш нусҳаси бор. Фармойишда «аҳолини иш билан бандлигини таъминлашдаги камчиликлар бартараф қилиниши зарурати» таъкидланган. Аммо расмий ҳужжатда бандлик маркази ходимларини ëппасига ишдан бўшатиб, қайтадан вақтинча ишга олиш тўғрисида талаб йўқ.

Ҳоким фармойиши

Бу ҳужжатни Озодликка тақдим қилган вилоят Бандлик Бош бошқармаси ходими «фармойишда кўрсатилган талабларни бажартириш мақсадида ходимлар интизомий сиртмоқда ушлаб турилиши учун шу иш» қилинганини айтди:

«Синов муддатидаги ходимни олти секундда ишдан бўшата оласиз. Ҳатто касаба уюшма розилиги ҳам керак эмас. Мақсад шу. Бандлик маркази иқтисодий соҳа ходимлари маҳаллаларга бириктирилган. Шу ишларни бажартириш учун қилинаётган бўлиши мумкин. Лекин бу натижа бериши қийин. Сабаби иш ўрни жуда кам очиляпти».

Озодликда вилоят Бандлик Бош бошқармаси ходимларининг ëпиқ Телеграмм гуруҳидаги ëзишмалар нусҳаси мавжуд. Бу ëзишмалардан ходимларга тезроқ ариза ëзишлари учун босим ўтказилганини тушуниш мумкин.

Озодликка маълум бўлишича, Хоразм вилояти молия¸ солиқ ва банк тизими ходимларидан ҳам ëппасига ариза ëздириб олиб, уларга уч ойлик синов муддати белгиланган.

Хоразм вилояти Иқтисодий тараққиëт ва камбағалликни қисқартириш Бош бошқармаси мулозимининг Озодликка билдиришича, президент Шавкат Мирзиëев вилоятга ташрифи давомида бандлик¸ молия¸ солиқ ва банк ходимларининг "фаолиятсизлиги"ни танқид қилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ўзини Ходимлар бўлими вакили, деб таништирган мулозими “ходимларни ëппасига бўшатиб, қайта ишга олиш бўйича топшириқ берилмагани"ни айтди.