Хоразмда кучли шамол оқибатида дарахтлар ва томлар қулади. Энергия таъминоти узилди

Хоразмда юз берган шамол оқибати. “Ҳудудий электр тармоқлари” фотоси.

Хоразм вилоятида 17 июль куни юз берган кучли шамол оқибатида айрим ҳудудларда дарахтлар ва уйларнинг томлари қулаб тушди. Бунинг оқибатида электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” ширкатининг Хоразм ҳудудий филиали матбуот хизмати 18 июль куни хабар берди.

Расман билдирилишича, ҳозирги пайтда вилоятнинг Гурлан, Шовот, Урганч, Боғот, Янгибозор, Қўшкўпир, Янгиариқ ва Хонқа туманларида электр таъминотини қайта тиклаш ва табиий офат туфайли юзага келган носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

“Ҳудудий электр тармоқлари”, шундан келиб чиққан ҳолда, 18 июль куни соат 10:00 дан 18:00 гача профилактика ишлари сабабли электр энергияси таъминотида вақтинчалик узилишлар бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда ҳам кучли шамол эсиши оқибатида айрим электр узатиш тармоқлари хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўчирилгани билдирилди.