Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туман суди бир аёлни калтаклаб, “самосуд” қилган бир гуруҳ аёллар устидан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қўшкўпирлик тўрт нафар аёл 2020 йилнинг 9 июнь куни 20 ёшли Ҳ.О. исмли аёлни Д.К. ўғлининг оиласини бузганликда айблаб калтаклагани, бунинг ортидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.
Тергов департаменти қайдича, мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, тегишли тартибда айблов хулосаси билан судга юборилган.
Ишни кўриб чиққан туман суди Д.К., Д.О. ҳамда Р.Н. га нисбатан 1,5 йилдан, Д.Р.га эса 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Бу ўринда жабрланувчи Ҳ.О.нинг уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги инобатга олинган.