Ўзбек расмийлари мамлакатда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабларга 300 миллион сўмдан 500 миллион сўмгача мукофот беришни ваъда қилмоқда. Бу ҳақда ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низомда билдирилган.
Низомга мувофиқ, Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови ҳар йили инглиз, немис, француз тиллари ўқитиладиган мактаблар ўртасида ўтказилади.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган мактаб ҳар йили 20 сентябргача Халқ таълими вазирлиги ахборот тизимида мактаб терма жамоасини рўйхатдан ўтказади ҳамда рўйхатдан ўтган мактаб ҳар йили 20 октябргача ахборот тизимига хорижий тилларни ўқитиш бўйича белгиланган асосий кўрсаткичларини киритади.
Танловда ҳар бир мактабдан битта тил бўйича битта терма жамоа иштирок этиши мумкин. Жамоа 7-9-синфларда ўқийдиган 5 нафар ўқувчидан ташкил топади.
Низомда танлов туман ва шаҳарларда (1-босқич) ҳар йили февраль ойида, вилоятларда (2-босқич) ҳар йили апрель ойида, республикада эса (3-босқич) ҳар йили август ойида ўтказилиши белгиланган.
Танлов ғолиблари қуйидаги миқдорларда президент соврини билан мукофотланади:
Республика босқичида:
1-ўрин – 500 миллион сўм;
2-ўрин – 400 миллион сўм;
3-ўрин – 300 миллион сўм.
Вилоят босқичида:
1-ўрин – 250 миллион сўм;
2-ўрин – 200 миллион сўм;
3-ўрин – 150 миллион сўм.
Туман (шаҳар) босқичида:
1-ўрин – 100 миллион сўм;
2-ўрин – 75 миллион сўм;
3-ўрин – 50 миллион сўм.