Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан озод этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 май куни III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида cўзлаган нутқида қайд этган.
Ўз нутқида Ўзбекистон президенти яқинда мамлакатда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилингани, 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ишга туширилганини ҳам эслатиб ўтган.
Мирзиёев инвесторлар эътиборини сўнгги етти йил ичида олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошган, олий ўқув юртлари сони эса 200 тадан ортганига қаратган.
“Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибида Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Италия, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 дан ортиқ нуфузли ҳакамлар ўрин олган”, деган Ўзбекистон президенти ўз нутқида.
Аввалроқ 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган III Тошкент халқаро инвестиция форумида 84 та давлатдан вакиллар иштирок этиши хабар қилган. Форумнинг бугунги мажлисида ялпи сессиясида БМТ Бош котиби ўринбосари Татьяна Молчан, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Туркия президентининг ёрдамчиси Жевдет Йилмаз, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон ас-Сауд, Сингапур парламенти спикери Сиа Киан Пенг, ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо хоним, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ва бошқа расмий шахслар иштирок этиши айтилган.